ДЎСТ БИЛАН ОБОД УЙИНГ.
Дўстлик шундай бир илоҳий неьматки, у ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Шоир Эркин Воҳидов айтганидек: “Дўст билан обод уйинг, гар бўлса у вайрона ҳам, дўст қадам қўймас эса вайронадир кошона ҳам”.
Ҳа, албатта, дўстлик шундай бир илоҳий хазинаки, ҳаёт йўлинг, ташвишли ва севинчли кунларинг у билан тотли ўтади. Ҳаёт мураккаб, лекин лаззатли. Инсоннинг дўстсиз яшаши жуда ҳам қийинт. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ёнида ўзига яқин инсонлари -ота -онаси, қариндош -уруғлари билан бир қаторда ҳам туришини ҳохлайди.
Дўстлик дарҳол юзага келмайди, узоқ йиллар давомида шаклланиб, мустаҳкамланиб боради. Дўстлик мансаб, бойлик, чирой, миллат танламайди. Шу жиҳатдан олиб қараганда ҳозир мен ҳикоя қилмоқчи бўлаётган воқеа ҳам айтилган мулоҳазаларни тасдиқлайди.
Бундан бир неча ой илгари газета таҳририятидан қайтаётганимда автобусга чиқдим. Автобусда болалар, ёшлар, аёллар, қариялар бор эди. Автобусга чиқишим билан кўзим биринчи ўриндиққа ўтирган нуроний отаҳонга тушди. Буни қарангки, у киши билан бир бекатда тушиб қолдим. Отахон мендан ўзини йўлданўтказиб қўйишимни сўради. Йўлдан ўтаётганимизда отахон бир дўстининг уйига бораётганини, у билан бирга ишлаганини айтиб қолди.
- Ҳозир анча қариб қолдик. Баьзи-баьзида унинг ёнига келиб тураман. Ёшлик давримизни эслаб, суҳбатлашиб ўтирамиз, - деди отахон.
Бу гапдан кейин уларнинг дўстлиги қанчалик мустаҳкам эканлигини билиб олдим. Отахонни дўстининг уйига олиб бордим. Эшикни тақиллатганимизда уйда бобонинг ёлғиз ўзи бор экан.
Бобо маьлум бир сабабга кўра, кампири эшикни ташқаридан қулфлаб кетганлини, эшикни очолмаслигини айтди ва узр сўради. Мен билан бирга келган нуроний отахон:
- Сизга нарса олиб келдим, деразангизни очинг, сиз учун, сизга атаб олиб келдим, бермасам бўлмайди, - деди ва чўнтагидан икки дона хурмо мевасини чиқарди.
Бу воқеани кузатар эканман, хозир ҳам шундай дўстликни қадрлайдиган одамлар бормикан, деб ўйлаб қолдим. Ҳаётда баьзи бировлар, менинг дўстларим жуда кўп, деб хурсанд бўлиб гапирса, баьзи шунча ёшга кириб, ҳали чин дўстимни учратганим йўқ, деб айтганини эшитиб қоламиз. Ҳамма нарса инсоннинг ўзига боғлиқ. Кимнидир ўзига яқин олиб, хафа бўлганида дардларини айтса, хурсанд бўлганида шодликларини баҳам кўрса, энг муҳими, ўртада ўзаро ишонч бўлса, демак, дўстлик деб аталмиш муқаддас туйғунинг қалбларда ниш уришининг омили ҳам худди шулар бўлади.
Юқоридаги воқеани ҳикоя қилишимга туртки берган томони, отахон ёши бир жойга бориб қолган, кўзлари хира тортган бўлса ҳам, секин ғ аста қадам ташласа ҳам, дўстининг ёнига келиб, хурмо мевасини илингани эди. Гап хурмода эмас, уларнинг ўртасидаги меҳр-оқибат, ҳурмат, қадр-қимматдадир. Бундай дўстликни ҳали ҳаётимда учратмагандим. Шунинг учун ҳам бу туйғунинг нақадар буюк, муқаддас туйғу эканлигини билиб олдим.
Бироз муддат барча нарсаларни ҳаёлингиздан чиқаринг ва менинг ҳаётда чин дўстим ким, унинг учун нима қилдим, деб ўйлаб кўринг. Агар жавоб топа олган бўлсангиз, демак, сиз дунёдаги энг бахтли одамлардан бирисиз. Ким учундир, нимадир қиляпсизми, демак, сиз яшаяпсиз. Шунчаки эмас, бутун вужудингиз, қалбингиз билан яшаяпсиз.
Азизлар, дўстлик аталмиш неьматнинг қадрига етайлик. Майли, ёнингизда ортиқча пулингиз, нааларингиз бўлмасин, лекин доимо дўстларингиз бўлсин.
Дўстлик - энг мўътабар, энг табаррук инъомлардан бири. Олам яралибдики, дўстлик одамлар томонидан қадрланадиган энг улуғ фазилатлардан бири саналади. Аждодларимиз томонидан биз ёш авлодларнинг юрак қўрига, азми шуурига бу туйғу мерос бўлиб қолган. Халқимиз орасидаги "Дўстсиз бошим, тузсиз ошим" қабилидаги мақоллар, ҳикматли сўзлар бежиз айтилмаган. Дўстлик ўзининг эзгуликлари билан инсонлар кўнглига ин қуради ва одоб-аҳлоқига, юриш-туришига таъсир этади. Ҳазрат Навоий айтганидек, "Дўст билан обод уйинг, гар бўлса у вайрона ҳам, Дўстсиз уйинг вайронадир, гар бўлса у кошона ҳам". Чунки унинг яхши кунида қувончига, ёмон дамда эса ғамига шерик бўлгувчи, унинг кўнглига хотиржамлик-осойишталик бахш этгувчи яқин ва қадрдон дўсти бор.
Маънавияти бой ўзбек халқи орасида қадимдан ота-боболаримиз, бувиларимиз, онажонларимиз томонидан бизгача етиб келган халқ мақоллари замирида айни ҳақиқат мужассам: "Дўст сўзини ташлама, ташлаб бошинг қашлама".
Чин дўстларимиз, қадрдонларимиз доим ёнимизда, бўлади. Шундай улуғ фазилат - дўстликнинг қадрига етиш лозим. Инсон дўст танлар экан, аввало, унинг қалбан яқинлигига аҳамият бериши керак. Қалблар бир-бирини тушунсагина, бири бирини тўлдирсагина, чинакам дўстлик дунёга келади. Зеро, шоира Нодира айтганидек: "Рафиқо, мена бир дам дўстлиғ расмини изҳор эт, Ки мен бордим ўзимдин, ёр агар келса, хабардор эт".